АсосийЖАМИЯТ

Китоб туманида қутуриш касаллиги қайд этилдими?

Расмийлар муносабат билдирди.

'Китоб туманида қутуриш касаллиги қайд этилдими?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бир оиланинг уч аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 июль куни Китоб туманида яшовчи, 47 ёшли фуқаро хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган.

Эпидемиологик суриштирув давомида ушбу фуқарони тахминан бир ой аввал тулки боласи тирнагани аниқланган. Афсуски, у 11 июль куни вафот этган.

Ҳозирда марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Бошқарма маълумотига кўра, мазкур ҳудудда яшовчи уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларда қутуриш касаллигининг клиник белгилари аниқланмаган.

Айни вақтда ушбу фуқаролар шифокорлар назоратига олинган бўлиб, уларга нисбатан зарур профилактик эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Китоб туманида Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорлигида эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олингани билдирилди.

Мутасаддилар аҳолидан асоссиз хавотирга берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса текширилмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликни сўради.

    Бошқа янгиликлар

    Китоб туманида қутуриш касаллиги қайд этилдими? - Darakchi.uz