АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ярим йилда 18 нафар ИИО ходими хизмат вақтида вафот этди

Маълумот учун, 2025 йилда хизмат вазифасини бажариш вақтида 6 нафар ички ишлар органи ходими вафот этган, 131 нафари эса жароҳатланган.

'Ўзбекистонда ярим йилда 18 нафар ИИО ходими хизмат вақтида вафот этди'ning rasmi

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда 18 нафар ички ишлар органи ходими хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов Ички ишлар органлари фаолиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шу давр мобайнида хизмат вазифасини бажариш чоғида яна 78 нафар ички ишлар органи ходими турли хавфли вазиятларни бартараф этиш жараёнида жароҳат олган.

"2026 йилнинг ўзида 18 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этди. Уларнинг ёрқин хотираси қалбимизда мангу сақланади. Шу билан бирга, 78 нафар сафдошимиз турли хавфли вазиятларни бартараф этиш жараёнида жароҳатланди", деди Рамазон Ашропов.

Маълумот учун, 2025 йилда хизмат вазифасини бажариш вақтида 6 нафар ички ишлар органи ходими вафот этган, 131 нафари эса жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 21 ноябрь куни Наманган вилоятининг Давлатобод туманида ҳайдовчилик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ҳайдовчи хизмат вазифасини бажараётган йўл-патруль хизмати катта сержанти Ваҳобжон Мўминовни уриб кетиши оқибатида у вафот этган эди. Кейинчалик суд ҳайдовчига нисбатан уч йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда олти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Шунингдек, жорий йилнинг 25 февраль куни BMW автомашинасини бошқарган 10-синф ўқувчиси йўл-патруль хизмати ходимини уриб кетиши оқибатида ходим ҳалок бўлган эди.

    Бошқа янгиликлар