АсосийЖАМИЯТ

Туркияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилди

Фуқаро Туркия шифокорлари томонидан жарроҳлик амалиётидан ўтказилиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

'Туркияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилди'ning rasmi

Туркияда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, оғир аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, Н.А. исмли Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Туркияга борган. У ишлаётган оиласи билан бирга йўл-транспорт ҳодисасига учраб, танасининг бир неча жойидан оғир жароҳат олган.

Фуқаро Туркия шифокорлари томонидан жарроҳлик амалиётидан ўтказилиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ даволаниш якунланганидан сўнг у турар жойсиз, моддий маблағсиз ва оғир ижтимоий аҳволда қолган.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамкорлигида унинг Ўзбекистонга хавфсиз қайтарилиши таъминланган.

Қайд этилишича, шифохона томонидан фуқаронинг самолётда парвоз қилиши мумкинлиги ҳақида "Fit to Fly" тиббий хулосаси берилган. Шунга қарамай, унинг соғлиғи алоҳида эътибор ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун қайтариш жараёни махсус тартибда ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Болғария Республикасида оғир моддий ва ижтимоий вазиятга тушиб қолган олти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам Ватанга қайтарилган эди.

    Бошқа янгиликлар

    Туркияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилди - Darakchi.uz