АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон музокараларга қайтмаса, келаси ҳафта мамлакатнинг кўприклари ва электр станцияларига зарба берилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Fox News телеканалига берган интервьюсида гапирди.
Трампнинг айтишича, АҚШ Эронга музокара столига қайтиш бўйича қатъий талаб қўйган.
“Келаси ҳафта улар учун жуда оғир бўлади. Агар музокара қилмаса, барча электр станцияларини ишдан чиқарамиз ва кўприкларини вайрон қиламиз”, — деди у.
Маълум қилинишича, бу баёнот АҚШ ва Эрон ўртасида кетма-кет тўртинчи кун давом этаётган ҳарбий кескинлик фонида янгради.
Шунингдек, Трамп аввал Ҳурмуз бўғози орқали амалга ошириладиган юк ташишларга 20 фоизлик тўлов жорий этиш таҳдидидан воз кечганини, бироқ Эрон портларига босим сақланиб қолаётганини айтди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Тюрк эса аввалроқ фуқаролик инфратузилмасига қасддан ҳужум қилиш халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра уруш жинояти ҳисобланишини таъкидлаган.
Шу билан бирга, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эроннинг Ҳурмуз бўғозидаги ҳарбий имкониятларини чеклаш мақсадида қўшимча зарбалар бошланганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) Форс кўрфазидаги икки танкерга берилган зарбаларни тасдиқлаб, улар огоҳлантиришларга амал қилмаганини билдирди.






