АсосийЖАМИЯТ

Наманганда Сирдарёда чўмилган 27 ёшли йигит ҳалок бўлди

Қайд этилишича, қидирув ишлари давомида йигитнинг жасади топилган.

'Наманганда Сирдарёда чўмилган 27 ёшли йигит ҳалок бўлди'ning rasmi

Наманган вилоятида Сирдарё дарёсида чўмилаётган 27 ёшли йигит сувга чўкиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Наманган туманидаги «Оқ ер» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёсида содир бўлган. Марҳум 1999 йилда туғилган бўлиб, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, у чўмилиш вақтида эҳтиётсизлик оқибатида сувга чўкиб кетган. Ҳодиса ҳақида 12 июль куни соат 18:26 да 112 ягона диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.

Шундан сўнг Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Махсус қидирув-қутқарув отряди ғаввослари томонидан сув остида, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчилари томонидан эса сув юзасида қидирув ишлари бошланган.

Қайд этилишича, қидирув ишлари давомида йигитнинг жасади топилган.

Фавқулодда вазиятлар хизмати фуқароларни фақат рухсат этилган ва хавфсиз деб белгиланган жойларда чўмилишга, сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.

    Бошқа янгиликлар