АсосийДУНË

Тошкентда болаларга зўравонлик қилинган боғчанинг лицензияси бекор қилинди

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани Ички ишлар органлари Фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

'Тошкентда болаларга зўравонлик қилинган боғчанинг лицензияси бекор қилинди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида тарбияланувчиларга нисбатан зўравонлик ҳолати аниқланган "Rayyan Kids Land" нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг лицензияси бекор қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 июль куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг "Rayyan Kids Land" оилавий корхонасига берилган лицензияни бекор қилиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилган.

Муҳокама якунига кўра, суднинг ҳал қилув қарори билан мазкур нодавлат таълим ташкилотига 2025 йил 13 августда берилган лицензия бекор қилинган.

Қайд этилишича, таълим муассасаси томонидан лицензия талаблари ва шартлари қонунчиликда белгиланган олтита ҳолат бўйича қўпол равишда бузилган. Жумладан, 24 июнь куни тарбиячи А.Г. тарбияланувчилардан бирига нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллагани, йиғлаётган боланинг оғзига латта тиққани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани Ички ишлар органлари Фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, айрим тарбияланувчиларнинг тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Бу мазкур таълим муассасасида қайд этилган биринчи зўравонлик ҳолати эмас. Аввалроқ, жорий йил май ойида ҳам тарбиячилардан бири болага тан жароҳати етказгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жаримага тортилган эди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Сенат томонидан маъқулланган қонунга мувофиқ, болаларга нисбатан зўравонлик қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланиши назарда тутилган.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда болаларга зўравонлик қилинган боғчанинг лицензияси бекор қилинди - Darakchi.uz