Ўзбекистонда ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши бир қатор тезкор тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Сьерра-Леоне Республикасидан юборилган курьерлик жўнатмасини Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги хусусий курьерлик хизмати орқали қабул қилиб олган пайтда Яшнобод туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ушланган.
Текширув давомида автотранспорт эҳтиёт қисмлари ичига яширилган 728 грамм кокаин аниқланиб, белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, гумонланувчининг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, зип-пакетларга жойланган кукунсимон моддалар ҳамда таркибида наркотик воситалар мавжуд бўлган ширинликлар ҳам топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1971 йилда туғилган фуқаро тақиқланган кўкнори ўсимлигини экиб, парваришлаб келгани фош этилган.
Гилавасой қишлоғи ҳудудидаги тоғ ён бағирларида жойлашган ер майдони текширилганда, жами 17 минг 600 туп кўкнори ҳамда 9 туп каннабис ўсимлиги мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, унинг яшаш манзилида қуритилган кўкнори бошоқлари ва майдаланган ҳолда сақланаётган кўкнори ҳам ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат бўйича гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси иккинчи қисми “в” банди ҳамда 25, 273-моддаси олтинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур иш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






