Жазоир пойтахти яқинида жойлашган болалар уйида содир бўлган ёнғин оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди, яна 19 киши турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда Euronews хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 16 июль куни маҳаллий вақт билан соат 03:30 атрофида пойтахт Алжирнинг шарқидаги Муҳаммадия коммунасида жойлашган болалар уйида содир бўлган.
Воқеа жойига зудлик билан қутқарув хизматлари етиб борган. Ёнғинни бартараф этиш ишларига олтита ёнғин ўчириш автомобили, олтита тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда махсус техника жалб қилинган.
Дастлаб ёнғин оқибатида 16 киши жабрлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ янгиланган маълумотларга кўра, жароҳатланганлар сони 19 нафарга етган. Улар орасида куйиш жароҳати олганлар, тутундан заҳарланганлар ва нафас олишида муаммолар юзага келганлар бор.
Шунингдек, қутқарувчилар ёрдамга муҳтож бўлган яна беш кишини бинодан эвакуация қилган. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Қутқарувчилар воқеа жойида қидирув ва текширув ишларини давом эттирмоқда.
Жазоир Бош вазири Сифи Ғреб шифохонага ташриф буюриб, жабрланганларнинг ҳолидан хабар олган.
Маълумот учун, сўнгги кунларда Жазоирда кучли иссиқ тўлқини кузатилмоқда. Мутахассислар айнан юқори ҳарорат мамлакатнинг турли ҳудудларида ёнғинлар сони ортишига сабаб бўлаётганини қайд этмоқда.






