Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қалбаки ва ноқонуний дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган шахслар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ғиждувон туманида яшовчи тадбиркорга тегишли дорихона, яшаш хонадони ва автомашинаси кўздан кечирилган.
Текширув давомида тадбиркор ўз уйида яширин цех ташкил этиб, дори воситаларининг ёрлиқлари ва йўриқномаларини ўзгартириш орқали қалбаки маҳсулотлар тайёрлаб келгани аниқланган.
Тезкор тадбир чоғида 111 турдаги жами 25 минг 716 дона дори воситаси, бўш қути, ёрлиқ, йўриқнома ҳамда бошқа ашёвий далиллар олиб қўйилган.
"Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" давлат муассасаси хулосасига кўра, мусодара қилинган дориларнинг 30 тури давлат реестрида рўйхатдан ўтмаган, яна 50 турига эса мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган.
Шунингдек, Ғиждувон туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари давлат реестрида қайд этилмаган ва сифат сертификатига эга бўлмаган 16 дона "Октагам" дори воситасини харидорга 5 минг 600 АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.
Унга тегишли дорихона кўздан кечирилганда эса сифат сертификатига эга бўлмаган 109 турдаги жами 32 минг 94 дона дори воситаси ҳужжатлаштириб олинган.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тезкор тадбирда эса Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари Нукус туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро ўз хонадонида ноқонуний омборхона ташкил этганини аниқлаган.
Ушбу манзилдан 65 турдаги жами 12 минг 958 дона дори воситаси, шунингдек, уларни қадоқлашда фойдаланиладиган 2 минг 410 дона штрих-код ва этикетка ашёвий далил сифатида олинган.
"Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" давлат муассасаси хулосасида мазкур дори воситалари белгиланган сақлаш талабларига риоя этилмаган ҳолда сақлангани, шунингдек, уларнинг 16 турининг яроқлилик муддати тугагани қайд этилган.
Ҳозирда мазкур учала ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






