Тошкент шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Йўл-патруль хизмати инспектори ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 16 июль куни соат 18:30 лар атрофида пойтахтнинг Дўрмон йўли кўчасида юз берган. Уч нафар Йўл-патруль хизмати инспектори хизмат мотоциклларида ҳаракатланаётган вақтда чорраҳада авария содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ғазалкент кўчасидан чорраҳага кириб келган Onix русумли енгил автомобиль патруллик мотоцикли билан тўқнашган. Оқибатда мотоциклни бошқариб келаётган Йўл-патруль хизмати инспектори воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси гўёки кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани ҳақида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.






