АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) президент Дональд Трамп вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув амал қилишдан тўхтаганини маълум қилганидан сўнг Эрон ҳудудига еттинчи тун кетма-кет ҳаво зарбаларини берганини билдирди.
CENTCOM маълумотига кўра, зарбалар кузатув нуқталари, ҳарбий логистика инфратузилмаси, ерости қурол-яроғ омборлари ҳамда денгиз ҳарбий имкониятларига қарши қаратилган. Амалиётда қирувчи самолётлар, учувчисиз аппаратлар, ҳарбий кемалар ва бошқа куч-воситалардан фойдаланилган. АҚШ ҳарбийлари операция маҳаллий вақт билан соат 21:30 да якунланганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (IRGC) Ҳурмуз бўғозида мина қўйилган денгиз йўлидан ўтаётган икки нефть танкери портлаб, ёнганини даъво қилди. Бироқ CENTCOM бу маълумотни рад этиб, уни "асоссиз даъво" деб атади.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Язд шаҳри, Қешм ороли ва Ҳурмуз бўғози яқинида жойлашган Бандар Аббос порти атрофида портлаш овозлари эшитилганини хабар қилди.
Иордания қуролли кучлари эса бир кечада мамлакат ҳаво ҳудудига учирилган 10 та Эрон ракетаcи йўқ қилинганини билдирди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида қурбонлар ва вайронгарчилик кузатилмаган.
Аввалроқ Эрон Қувайт, Баҳрайн, Иордания ва илк бор Суриядаги АҚШ ҳарбий объектларига зарбалар берганини маълум қилган эди. Вашингтон бу иддаоларни рад этди.
Қувайт расмийлари эса Эрон дронлари ҳужумлари оқибатида бир нечта ҳарбий хизматчи жароҳатлангани, электр станцияси ҳамда сувни тузсизлантириш иншоотларига зарар етганини маълум қилди.
CBS News манбаларига кўра, сўнгги бир ҳафта давомида Иорданиядаги икки АҚШ ҳарбий базасига қилинган ҳужумларда бир нечта америкалик ҳарбий хизматчи жароҳат олган.
Шунингдек, Вашингтон Эроннинг АҚШ зарбалари натижасида кўприклар, темир йўл вокзали ва аэропорт каби фуқаролик инфратузилмаси нишонга олингани ҳақидаги баёнотларини инкор этди. Ҳурмузгон вилояти маъмурияти эса ҳужумлар оқибатида етти киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
BBC Verify ҳамда BBC Persian текширувига кўра, Ҳурмузгон вилоятидаги Гариве кўпригига шикаст етгани тасдиқланган. Кундузи олинган суратларда кўприкнинг бир қисми қулаб тушгани ва йўл вайрон бўлганини кўриш мумкин.
Оқ уй вакили BBC’га берган изоҳида АҚШ "фақат ҳарбий нишонлар, жумладан ҳарбий логистика инфратузилмасига зарбалар берганини" таъкидлаган.






