АсосийДУНË

FIFA президентлиги учун янги даъвогар пайдо бўлди

Парижнинг "ПСЖ" клуби президенти Носир Ал-Хелайфий 2027 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган FIFA президентлик сайловида ўз номзодини илгари суриши мумкин.

'FIFA президентлиги учун янги даъвогар пайдо бўлди'ning rasmi

Парижнинг "ПСЖ" клуби президенти Носир Ал-Хелайфий 2027 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган FIFA президентлик сайловида ўз номзодини илгари суриши мумкин. Бу ҳақда "The Touchline" нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, UEFA таркибидаги айрим миллий ассоциациялар бўлажак сайловларда амалдаги FIFA президенти Жанни Инфантинага муносиб рақобат қила оладиган ягона номзодни изламоқда. Муҳокама қилинаётган асосий номзодлардан бири сифатида эса Носир Ал-Хелайфий номи тилга олинмоқда.

Хабарларга кўра, унинг номзодини Бельгия ва Польша футбол федерациялари қўллаб-қувватлаши мумкин. Бироқ ҳозирча "ПСЖ" раҳбари сайловда иштирок этиш бўйича расмий баёнот бермаган. Шу сабабли, ҳозирча гап фақат эҳтимолий номзод ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, Босния ва Герцеговина, Норвегия, Швеция, Германия ҳамда Испания футбол мутасаддилари Европадан бошқа эҳтимолий номзодлар бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда. Улар орасида Варшаванинг ",Легия" клуби эгаси Дариуш Мёдуски номи ҳам қайд этилган.

Қайд этилишича, АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогунга кўрсатилган қизил карточка билан боғлиқ можародан сўнг Жанни Инфантино раҳбариятига нисбатан танқидлар кучайган. Айрим маълумотларга кўра, UEFA текширувлардан кейин FIFA ўз ваколат доирасидан четга чиққанини билдирган.

Шунга қарамай, Европадаги норозиликларга қарамасдан, Инфантино бошқа қитъа конфедерацияларининг қўллови сабаб ўз мавқеини сақлаб турибди. Шунинг учун унга рақиб пайдо бўлиши ҳозирча FIFA раҳбарлигидан кетишини англатмайди.

    Бошқа янгиликлар

    FIFA президентлиги учун янги даъвогар пайдо бўлди - Darakchi.uz