Тошкент шаҳрида Ўзбекистон—Озарбайжон Ҳукуматлараро комиссиясининг 15-йиғилиши ҳамда Ишбилармонлар кенгашининг биринчи учрашуви якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.
Ҳужжатларга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов имзо қўйди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 15 фоизга, жорий йил бошидан эса қарийб 40 фоизга ошган.
Томонлар саноат кооперацияси доирасида амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар рўйхатини келишиб олди. Улар орасида Қорақалпоғистондаги нефть-газ блокларини ўзлаштириш, Тошкент шаҳрида Ritz-Carlton меҳмонхонаси ва резиденцияларини қуриш, Чорвоқда Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуасини барпо этиш ҳамда турар жой лойиҳаларини амалга ошириш каби ташаббуслар бор.
Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластери ташкил этиш, Қашқадарё вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобиль саноатини кенгайтириш, сут маҳсулотлари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Йиғилишда икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш мақсади ҳам белгилаб олинди. Бунинг учун аниқ товар йўналишлари, муддатлар ва масъул ижрочиларни ўз ичига олган алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
Томонлар энергетика, логистика, туризм, фармацевтика, электроника, озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари соҳаларидаги янги лойиҳаларни ҳам муҳокама қилди.
Учрашув якунида Ҳукуматлараро комиссия баённомаси имзоланди. Шунингдек, август ойида тўртинчи Ўзбекистон—Озарбайжон ҳудудлараро форумини ўтказиш ва 2026—2027 йилларга мўлжалланган ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифлари режасини тасдиқлаш бўйича келишувга эришилди.






