Кеча 18 июль куни интернетда танилган ака-ука Эндрю ва Тристан Тейт АҚШда зўрлаш ва одам савдоси билан боғлиқ айбловлар асосида ҳибсга олинди. Бу ҳақда Буюк Британия Қироллик прокуратураси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Эндрю Тейтга нисбатан 32 та янги айблов қўйилган. Улар орасида зўрлаш, жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосини ташкил этиш ёки унга ёрдамлашиш, тан жароҳати етказиш ҳамда ноқонуний контентлар билан боғлиқ бандлар бор.
Тристан Тейтга эса зўравонлик, зўрлаш ва жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосига алоқадор бир нечта айбловлар илгари сурилган.
Прокуратура маълум қилишича, мазкур ҳолатлар 2010–2017 йиллар оралиғида содир этилгани айтилмоқда. Аввалроқ ака-ука Тейтларга нисбатан яна бир қатор жиноий айбловлар қўйилган эди.
ОАВ хабарларига кўра, улар АҚШ Маршаллар хизмати томонидан Майами шаҳридаги спорт мажмуаси яқинида қўлга олинган. Эндрю Тейт у ерда қўл жанги бўйича мусобақа ўтказиши режалаштирилган эди.
Эндрю Тейт кикбоксинг бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони сифатида танилган. Спорт фаолиятини якунлагандан сўнг у интернетдаги фаолияти билан машҳур бўлган. Унинг укаси Тристан Тейт ҳам кикбоксинг бўйича Европа чемпиони ҳисобланади.
Ака-ука Тейтлар ижтимоий тармоқлардаги баҳсли чиқишлари ва аёлларга нисбатан кескин қарашлари билан кенг танилган. 2024 йилда уларга нисбатан Руминияда ҳам жиноий иш доирасида айбловлар илгари сурилган.






