Тошкент шаҳри ва вилоятининг айрим ҳудудларидаги иссиқхона хўжаликлари учун ер ҳамда мол-мулк солиғини ошириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси 31 июлга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри, шунингдек, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналар эгаллаган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғи амалдаги ставканинг 10 баравари миқдорида белгиланиши мумкин.
Шу билан бирга, иситиш қозонхоналари олиб ташланган ёки электр энергияси орқали иситиладиган иссиқхоналарга ушбу оширилган солиқлар татбиқ этилмайди.
Янги тартибдан мақсад — иссиқхона хўжаликларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ва экологик хавфсиз, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланишни рағбатлантириш.
Шунингдек, зарарли ёқилғилардан фойдаланадиган янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни чеклаш ва экологик талабларга жавоб бермайдиган иссиқхоналарни Сурхондарё вилоятидаги "Сурхон-Агро" эркин иқтисодий зонасига босқичма-босқич кўчириш режалаштирилган.






