Давлат меҳнат инспекцияси Ўзбекистондаги барча ҳокимликларга аномал иссиқ об-ҳаво шароитида меҳнат қилаётган ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича кўрсатма юборди.
Инспекция маълумотига кўра, очиқ ҳавода ишлайдиган ободонлаштириш ходимларининг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида соат 10:00 дан 17:00 гача бўлган вақтда юқори ҳарорат туфайли хавф туғдириши мумкин бўлган ишларни вақтинча тўхтатиш ҳамда мослашувчан иш режими жорий этиш тавсия этилган.
Шунингдек, иш берувчилар ходимларни етарли миқдорда сифатли ичимлик суви билан таъминлаши, қуёш нурлари ва юқори ҳароратдан ҳимояланган дам олиш жойларини ташкил қилиши лозимлиги қайд этилган.
Кўрсатмада мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки шифокор хулосасига кўра ишга яроқсиз деб топилган шахсларни ишга жалб қилмаслик, ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда меҳнат ва дам олиш тартибини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган.
Инспекция, шунингдек, иссиқ таъсирида аҳволи ёмонлашган ходимларга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши шартлигини эслатди.
Қайд этилишича, мазкур кўрсатмаларнинг бажарилиши Давлат меҳнат инспекцияси томонидан назорат қилинади. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузган масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланади.






