АсосийЖАМИЯТ

10:00–17:00 оралиғида очиқ ҳаводаги айрим ишлар вақтинча тўхтатилади

Давлат меҳнат инспекцияси мазкур талабларнинг бажарилиши доимий назорат қилинишини билдирди.

'10:00–17:00 оралиғида очиқ ҳаводаги айрим ишлар вақтинча тўхтатилади'ning rasmi

Аномал иссиқ об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан барча ҳокимликларга махсус кўрсатма юборилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилди.

Кўрсатмага мувофиқ, куннинг энг иссиқ қисми ҳисобланган соат 10:00 дан 17:00 гача юқори ҳарорат таъсирида бажариладиган ва ходимлар ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган айрим ишлар вақтинча тўхтатилади.

Шунингдек, очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар учун мослашувчан иш режими жорий этилиши белгиланди.

Иш берувчилар ходимларни етарли миқдорда сифатли ичимлик суви билан таъминлаши, улар учун қуёш нурлари ва юқори ҳароратдан ҳимояланган дам олиш жойларини ташкил этиши керак.

Бундан ташқари, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки тиббий хулосага кўра муайян ишни бажаришга яроқсиз деб топилган шахсларни меҳнатга жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Кўрсатмада ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, меҳнат ва дам олиш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори ҳарорат таъсирида соғлиғи ёмонлашган ходимга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш талаб этилган.

Давлат меҳнат инспекцияси мазкур талабларнинг бажарилиши доимий назорат қилинишини билдирди. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузган мансабдор ва масъул шахслар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

    Бошқа янгиликлар