2026/2027-ўқув йилида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари талабалари учун давлат стипендиялари квоталари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 15 июлдаги хатида маълум қилинган.
Ҳужжатга кўра, республикадаги 335 минг 471 нафар юқори босқич талабасидан 776 нафари давлат стипендиясига эга бўлади.
Стипендиялар қуйидагича тақсимланган:
Президент стипендияси — 187 та;
Ислом Каримов стипендияси — 194 та;
Навоий стипендияси — 175 та;
Бобур стипендияси — 51 та;
Имом ал-Бухорий стипендияси — 44 та;
Беруний стипендияси — 38 та;
Ибн Сино стипендияси — 33 та;
Абдулла Авлоний стипендияси — 16 та;
Улуғбек стипендияси — 13 та;
Тўлепберген Қайипбергенов стипендияси — 11 та;
Ибройим Юсупов стипендияси — 11 та;
Паҳлавон Маҳмуд стипендияси — 3 та.
Ажратилган квоталар олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимида тақсимланган.
Энг кўп стипендия квотаси Қорақалпоқ давлат университетига ажратилган — 14 та. Тошкент давлат тиббиёт университети, Урганч давлат университети ва Фарғона давлат университетига 11 тадан квота берилган.
Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент кимё халқаро университетига 9 тадан давлат стипендияси квотаси ажратилган.
Ҳужжатга кўра, Президент ва Ислом Каримов стипендиялари барча таълим йўналишлари бўйича ажратилади.
Навоий стипендияси гуманитар, Беруний стипендияси техника, Ибн Сино стипендияси тиббиёт, Бобур стипендияси тарих ва география, Абдулла Авлоний стипендияси педагогика, Улуғбек стипендияси эса табиий фанлар йўналишлари талабалари учун мўлжалланган.
Имом ал-Бухорий стипендияси Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларига, Тўлепберген Қайипбергенов ва Ибройим Юсупов стипендиялари эса Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасалари талабаларига берилади.






