АсосийЖАМИЯТ

Сохта прокурор ушланди

Бош прокуратура фуқароларни ўзини давлат органлари ходими сифатида таништириб, хизматлар эвазига пул талаб қилувчи шахсларга ишонмасликка чақирди.

'Сохта прокурор ушланди'ning rasmi

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўзини прокуратура ходими сифатида таништириб, сохта гувоҳнома билан юрган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Қайд этилишича, 2007 йилда туғилган К.Х. онасига тегишли Cobalt русумли, 10 W 284 LB давлат рақам белгили автомашинани бошқариб юрган вақтда ўзини Қибрай тумани прокуратураси ходими сифатида таништирган.

У 2026 йил 12 июль куни Қибрай туманидаги "Ғафур Ғулом" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган рейд тадбири давомида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатилган.

К.Х. қонуний чора кўрилмаслиги учун ўзини прокуратура ходими сифатида таништириб, сохта гувоҳномасини кўрсатган. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.

Автомашина назорат тартибида кўздан кечирилганда, унинг ўриндиғидан "25 C 836 AA" давлат рақам белгиси аниқланган. Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чақирилиб, К.Х.дан гувоҳнома ва бир жуфт давлат рақам белгиси олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 13 июль куни Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми "б" банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура фуқароларни ўзини давлат органлари ходими сифатида таништириб, хизматлар эвазига пул талаб қилувчи шахсларга ишонмасликка чақирди.

Қонунбузилиш ҳолатларига дуч келинганда, Бош прокуратуранинг "1161" рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин. Мурожаат қилган шахснинг сир сақланиши кафолатланади.

    Бошқа янгиликлар