Катта Манчестернинг собиқ мэри Энди Бёрнэм Буюк Британия Бош вазири лавозимига расман киришди. Бу ҳақда "The Guardian" хабар берди.
56 ёшли Бёрнэм сўнгги 10 йил ичида Буюк Британия Бош вазири лавозимини эгаллаган еттинчи сиёсатчи бўлди.
Янги Бош вазир мамлакат учун "10 йиллик режа" ишлаб чиқишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур режа бош вазирлик лавозимида қанча вақт қолиш масаласига эмас, балки мамлакатдаги тизимли муаммоларни узоқ муддатли ҳал этишга қаратилган.
Бёрнэм ўз олдига аҳоли турмуш харажатларининг ошиб бориши билан боғлиқ муаммоларни камайтириш, давлат хизматлари самарадорлигини ошириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш каби вазифаларни қўйган.
'Биз одамларнинг молиявий босимини камайтиришга эътибор қаратамиз. Одамлар оддий нарсалар — жума куни ичимлик ичишга чиқиш, фарзандлари билан вақт ўтказиш ёки таътилга бориш имконияти ҳақида ташвишланмоқда", — деди Бёрнэм.
Янги ҳукуматнинг дастлабки қарорларидан бири барча ходимлар учун мажбурий рақамли идентификация ҳужжатини жорий этиш режасидан воз кечиш бўлди.
Ташқи сиёсатда эса Бёрнэм Буюк Британиянинг АҚШ, Украина ва Европа давлатлари билан муносабатларини сақлаб қолишга урғу бериши кутилмоқда.
Буюк Британиянинг АҚШ билан "Five Eyes' разведка альянси доирасидаги ҳамкорлиги ва хавфсизлик соҳасида Вашингтонга боғлиқлиги сабабли, Лондоннинг АҚШ билан очиқ қарама-қаршиликка бориши эҳтимоли паст баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Бёрнэм Исроил ҳукуматига босимни кучайтириш, жумладан, қўшимча санкциялар жорий этиш ва Исроилнинг ноқонуний аҳоли пунктларидан келтириладиган товарлар савдосини тақиқлаш тарафдори экани айтилган. У, шунингдек, Буюк Британиянинг Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий операциясини дастлаб қўллаб-қувватлагани учун узр сўраган.
Украина масаласида Бёрнэм Буюк Британия хавфсизлиги Украина хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ, деб ҳисоблайди. Шу сабабли Лондоннинг Киевни қўллаб-қувватлаш сиёсати сақланиб қолиши кутилмоқда.
Бёрнэмнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларга ёндашуви ҳам диққат марказида. У аввалроқ Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига ўз ҳаёти даврида қайта аъзо бўлишини хоҳлашини айтган эди.
Бироқ экспертлар янги Бош вазирнинг биринчи навбатда Европа Иттифоқи билан муносабатларни «қайта юклаш»дан кўра, мамлакатнинг ички муаммоларига эътибор қаратиши мумкинлигини билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Буюк Британия собиқ Бош вазири Кир Стармер истеъфога чиқишини маълум қилган эди.






