АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилишида Беларусь тажрибасидан фойдаланилади

Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

'Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилишида Беларусь тажрибасидан фойдаланилади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8–9 июль кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи, айниқса, савдо-иқтисодий соҳада муҳим натижалар берган.

Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларни ўз вақтида бажариш муҳимлигини таъкидлаган.

Учрашувда Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва унга турдош инфратузилмани барпо этишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, бўлажак АЭСни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларини экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, атом энергетикаси соҳаси учун миллий кадрлар тайёрлаш ҳамда тегишли олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Виктор Каранкевич Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Шавкат Мирзиёевга самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.

    Бошқа янгиликлар