АсосийЖИНОЯТ

Қашқадарёда тайинланганига 2 ой ҳам бўлмаган мактаб директори 500 доллар пора олиб, 5 йилга қамалди

Директор пулни олганидан сўнг талабани кузатиб чиқиш вақтида ўзини департамент ходими деб таништирган шахс вазиятга аниқлик киритиш учун хизмат хонасига қайтишни сўраган.

'Қашқадарёда тайинланганига 2 ой ҳам бўлмаган мактаб директори 500 доллар пора олиб, 5 йилга қамалди'ning rasmi

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида мактаб директори вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганига 2 ой ҳам бўлмаган шахс ишга киритмоқчи бўлган талабадан 500 доллар пора талаб қилган. Суд унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Суд ҳужжатларига кўра, 62 ёшли Ф.Г. 2026 йил 26 февраль куни Миришкор туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирига директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Унга мактаб ходимларини ишга қабул қилиш ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ваколати берилган.

2026 йил 22 апрель куни Қарши давлат университетининг физика йўналишида таҳсил олаётган 4-босқич талабаси А.Х. ўқишни тамомлаш арафасида иш излаб, бир нечта мактабга мурожаат қилган. У мурожаат қилган таълим муассасаларида бўш иш ўрни йўқлиги айтилганидан сўнг Ф.Г. раҳбарлик қилаётган мактабга борган.

Талабанинг кўрсатувига кўра, директор унга физика фани ўқитувчиси сифатида ишга олиши мумкинлигини айтган ва бунинг эвазига 500 доллар сўраган. А.Х. бундай маблағи йўқлигини айтганида эса Ф.Г. "Қизим, қара, кўнгилдан чиқариб берaver, мен ишингни аниқ ҳал қилиб бераман", дея ваъда қилган.

Шундан сўнг талаба директор билан бўлган суҳбатни телефонига ёзиб олган ва ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Орадан бир кун ўтиб, А.Х. директорнинг шартларига розилигини билдирган ва ишга қабул қилиш ҳақида ариза ёзган. Шунда Ф.Г. келишилган пулни олиб келган-келмаганини сўраган. Талаба доллар топа олмаганини, бироқ 6 миллион сўм олиб келганини айтган.

Директор пулни олганидан сўнг талабани кузатиб чиқиш вақтида ўзини департамент ходими деб таништирган шахс вазиятга аниқлик киритиш учун хизмат хонасига қайтишни сўраган. Дастлаб бунга рози бўлган Ф.Г. кейинчалик ходимни чалғитиб, мактабнинг асосий эшиги томон қочган.

У қўлидаги пулларни бедазор орасига ташлаб, мактаб деворидан ошиб қочишга уринган. Бироқ тахминан 200 метр югурганидан сўнг қоқилиб йиқилган ва тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Миришкор тумани суди ҳукми билан Ф.Г. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми "в" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, у 2 йил давомида давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Аввалроқ Сурхондарёда ўринбосаридан 2 миллион сўм пора олган мактаб директори 4 йилга қамалгани хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар