Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Буюк Британия Қироли Чарльз IIIнинг Кембриж марказий масжидига ташрифини "жуда аҳамиятли" деб баҳолади.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, мазкур ташриф дунёда исломофобия ва маданий ирқчилик кучайиб бораётган бир пайтда амалга оширилгани билан аҳамиятли.
"Камситишларга қарши бирдамлик ва нафратга қарши ҳурмат рамзига айланган масжидимиз ўз вазифасини муваффақиятли бажараётганини кўриб турибмиз", деди Туркия Президенти.
У Қирол Чарльз III турли маданият, келиб чиқиш ва эътиқодга мансуб инсонларнинг тинч-тотув яшаши масаласига катта аҳамият қаратаётганини қайд этди.
Шунингдек, Эрдўған Буюк Британия халқига, хусусан, мамлакатда яшовчи мусулмонлар ва турк диаспораси вакилларига салом йўллаб, Қирол Чарльз IIIни Туркияга ташриф буюришга таклиф қилди.
Кембриж марказий масжиди 2019 йилда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида очилган. Мажмуа Европадаги илк экологик тоза масжидлардан бири ҳисобланади.






