Биринчи чорак якунида саноат режасини бажара олмаган 13 нафар туман ҳокими ва экспорт ҳажмини камайтирган 15 нафар туман ҳокими жазоланган эди. Кўпчилик ҳокимлар бундан хулоса чиқариб, олти ойлик прогноз кўрсаткичларини бажарган.
Бироқ айрим туман ва шаҳарларда саноат ўсиши суръати пасайгани қайд этилди.
Янгиобод туманида саноат ўсиши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этган. Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам ўсиш суръати пасайган.
Экспорт йўналишида ҳам қатор туман ва шаҳарларда ўзгариш бўлмагани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Касби, Денов, Тошкент тумани, Жиззах шаҳри, Пахтаобод, Навоий шаҳри, Жомбой, Тойлоқ, Бандиxон, Мирзачўл, Ёзёвон ва Бектемирда ишлар сусайгани танқид қилинди.
Бош вазирга ушбу 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлигини бугуннинг ўзида кўриб чиқиш топширилди.
Шунингдек, тўққиз ой якунига қадар ўзгариш бўлмаса, вилоят ҳокимларининг ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чора кўрилиши белгиланди.






