АҚШ Президенти Дональд Трамп Канада импортининг қарийб 20 миллиард долларлик қисмига 50 фоизлик бож жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда "Zamon.uz" маълум қилди.
Оқ уй мазкур қарорни Канада томонидан АҚШ маҳсулотларига нисбатан қўлланаётган савдо чекловлари билан изоҳлаган.
Янги тарифлар вино, мебель, спорт анжомлари ва бошқа қатор маҳсулотларни қамраб олади. Бироқ энергетика маҳсулотлари, калий ўғитлари, балиқ маҳсулотлари ҳамда муҳим фойдали қазилмалар янги божлар рўйхатига киритилмаган.
Канада Бош вазири Марк Карни Трампнинг қарорини АҚШ–Канада–Мексика эркин савдо келишувига зид деб баҳолади. У ҳукумати Канада ишчилари ва корхоналарини ҳимоя қилишини ҳамда АҚШ билан савдо музокараларини янада жадаллаштиришини билдирди.
Карни, шунингдек, зарурат туғилган тақдирда Канада жавоб чораларини кўриши мумкинлигини таъкидлади. Томонларга янги тарифлар кучга киргунига қадар музокаралар олиб бориш учун 30 кунлик муддат берилган.
Мутахассислар янги божлар Шимолий Америкадаги савдо муносабатларини янада кескинлаштириши, айрим маҳсулотлар нархи ошиши ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий зиддиятлар кучайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.






