Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Назаров инвестиция ва ташқи савдо масалаларига етарлича эътибор қаратмагани учун лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда сўнгги йилларда олий даражадаги 52 та ташриф доирасида 213 миллиард долларлик 1617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди. Бироқ мазкур лойиҳалар ижросини назорат қилишда сусткашликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Эндиликда инвестиция лойиҳалари бўйича "йўл хариталари"ни Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги юритиши белгиланди. Бош вазирга ҳар ҳафта тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва элчилар иштирокида "йўл хариталари"ни давлатлар кесимида "лойиҳабай" муҳокама қилиш топширилди.
Шунингдек, хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти ҳам танқидий баҳоланди. Беларусдаги элчи инвестиция ва ташқи савдо масалаларига бефарқлиги учун лавозимидан озод этилгани айтилди.
Франция, Австрия, Испания, Италия, Уммон, Индонезия, Малайзия ва Сингапурдаги элчилар фаолияти ҳам етарли даражада кўринмаётгани қайд этилди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага комиссия тузиб, дипломатик ваколатхоналарнинг иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт йўналишларидаги фаолиятини таҳлил қилиш топширилди.
Комиссия ўз вазифасини бажара олмаётган дипломатик ходимларни ёш ва замонавий фикрлайдиган кадрлар билан алмаштириш бўйича таклифлар киритиши керак.






