Испания ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалини АҚШда 62,8 миллион томошабин кузатди. Бу мамлакат тарихида футбол трансляциялари бўйича янги рекорд бўлди.
"Ахios" нашри маълумотига кўра, "Fox Sports" телеканали орқали учрашувни қарийб 39 миллион киши томоша қилган. Бу 2022 йил Қатарда ўтказилган Жаҳон чемпионати финали аудиториясига нисбатан 132 фоизга кўп.
Яна қарийб 24 миллион томошабин финални испан тилида эфирга узатган "Telemundo" телеканали орқали кузатган. Бу кўрсаткич Қатардаги Жаҳон чемпионати финалига нисбатан 50 фоиздан зиёд ўсган.
Нашрга кўра, рекорд даражадаги аудитория АҚШда футболга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, бу келгусида йирик футбол мусобақаларининг трансляция ҳуқуқлари нархи ошишига олиб келиши мумкин.
Таққослаш учун, 2006 йил Германияда ўтказилган Италия ва Франция ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалини АҚШда 17 миллион киши томоша қилган. Бу 2026 йилги мундиаль финали аудиториясидан қарийб 4 баравар кам.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтди. Турнирда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этди. Мусобақа якунида Испания терма жамоаси чемпионликни қўлга киритди.






