АсосийЖАМИЯТ

Фермерни ҳақорат қилган Қува тумани ҳокимига ҳайфсан берилди

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда ҳокимнинг фермерлар билан учрашуви вақтида давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари акс этган видео тарқалган.

'Фермерни ҳақорат қилган Қува тумани ҳокимига ҳайфсан берилди'ning rasmi

Фарғона вилоятининг Қува тумани ҳокими Х. Умаров фермерни ҳақорат қилгани учун интизомий жавобгарликка тортилди. Унга ҳайфсан жазоси берилган.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда ҳокимнинг фермерлар билан учрашуви вақтида давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари акс этган видео тарқалган. У жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шундан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколати доирасида Фарғона вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш ва унга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган.

Тақдимнома натижаларига кўра, Қува тумани ҳокими Х. Умаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.

"Агентлик томонидан давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, давлат хизматида юксак касбий ва ахлоқий стандартларни қарор топтириш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилади", дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар

    Фермерни ҳақорат қилган Қува тумани ҳокимига ҳайфсан берилди - Darakchi.uz