Самарқанд шаҳрида Йўл-патруль хизмати ходими хизмат автомобилида йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Оқибатда 1951 йилда туғилган аёл вафот этди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 21 июль куни соат тахминан 18:15 ларда Самарқанд шаҳридаги Шаббод кўчасида содир бўлган.
Кузатув камераларига тушган тасвирларда ЙПХ ходими ўзига бириктирилган "Tracker" русумли патруль автомобилини бошқариб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган С.А. исмли аёлни уриб юборгани акс этган.
Самарқанд вилояти ИИББ ЙҲХБ маълумотига кўра, пиёда йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган бўлган.
Олинган тан жароҳатлари оқибатида аёл воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






