АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёев Тошкент–Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент–Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

'Шавкат Мирзиёев Тошкент–Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди'ning rasmi

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти 3 бараварга ошганини таъкидлади. 2030 йилга қадар мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Айни пайтда халқаро йўлларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи эса ортиқча юклама билан ишламоқда.

"Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон" ва Трансафғон темир йўллари ишга тушгач, Ўзбекистон Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Шунингдек, Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва қарийб 2 миллиард аҳоли истиқомат қиладиган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имконияти пайдо бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон йилига қўшимча 15–20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қилса, 400–600 миллион доллар даромад олинади. Шунингдек, логистика марказлари ва терминаллар қурилишига 3 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, камида 50 мингта барқарор иш ўрни яратилади.

    Бошқа янгиликлар