Тошкент шаҳрида тадбиркордан 360 минг доллар талаб қилган, аввал фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 30 минг долларни олаётган вақтда ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида 1977 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс маҳаллий тадбиркордан 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, тадбиркор Чилонзор туманидаги 37 сотих ер майдонида нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасалари қуришни режалаштирган.
Гумонланувчи бу ҳақда хабар топиб, шахсий бойлик орттириш мақсадида тадбиркордан 360 минг доллар талаб қилган. У аҳоли ва турли ташкилотлар орқали қурилиш жараёнларига тўсқинлик қилишини айтган. Шунингдек, ўзини гўё қурилиш ишларини амалга ошираётгандек кўрсатиб, фуқароларни "тинчлантириш" эвазига пул талаб қилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.






