Тошкент–Самарқанд йўналишидаги янги автомобиль йўли ҳудудларда иқтисодий фаолликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, бундай лойиҳаларга сарфланган ҳар бир доллар инвестиция иқтисодиётга 5 бараваргача қайтиши мумкин.
Янги магистрал Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 3 фоизга ошишига туртки беради. Йўл ўтадиган, жами 2 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 13 та туманда минглаб иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.
Автомагистрал бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ҳамда туризм объектлари барпо этилади.
Қурилиш жараёнида маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланилиши тадбиркорлар учун йирик буюртмалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Хива–Урганч автомобиль йўли қурилиши бошлангани, Тошкент–Андижон йўли бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида экани ҳамда Тошкентни Бўстонлиқ билан боғлайдиган автомобиль йўлини лойиҳалаш ишлари якунига етказилаётганини қайд этди.
"Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз", деди Президент.
Шундан сўнг давлат раҳбари махсус капсула қўйиб, янги автомагистрал қурилишини бошлаб берди.






