Греция ҳукумати Исроилда ишлаб чиқарилган ҳаво ва ракета мудофааси тизимларини харид қилиш учун қиймати 3 миллиард евро бўлган шартномани маъқуллаши кутилмоқда. Мазкур лойиҳа мамлакатнинг "Ахиллес қалқони" деб номланган интеграциялашган мудофаа тармоғининг асосини ташкил этади.
Маълум қилинишича, тизимга Исроилнинг "Barak MX", "David's Sling" ва "SPYDER" ҳаво мудофааси комплекслари киритилади. Улар Грециянинг F-35 қирувчи самолётлари, модернизация қилинган F-16 Viper самолётлари, "Belharra" фрегатлари ва "Patriot" тизимлари билан ягона қўмондонлик тармоғига бирлаштирилади.
Янги мудофаа тармоғи самолётлар, баллистик ракеталар, дронлар, қанотли ракеталар ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишга мўлжалланган.
"Ахиллес қалқони" дастури Грециянинг сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик ҳарбий модернизация лойиҳаларидан бири бўлиши мумкин. У мамлакат ҳудуди ва оролларидаги ҳарбий объектлар, аҳоли пунктлари, энергетика иншоотлари ҳамда бошқа муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишга қаратилган.






