Тошкент вилоятида А-373 автомобиль йўли ва Тошкент катта ҳалқа йўли кесишмасида замонавий йўл ўтказгич барпо этилди. Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида мазкур иншоотни кўздан кечирди.
Қиймати 240 миллиард сўм бўлган лойиҳа Бектемир ва Ўрта Чирчиқ туманлари туташган ҳудудда 14,1 гектар майдонда амалга оширилган.
Лойиҳа доирасида узунлиги 66 метр, кенглиги 46 метр бўлган кўприк, 450 метрлик ер ости автомобиль йўли, иккита ортга қайрилиш йўлаги, тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ва 950 метрлик айлана ҳалқа йўли қурилган.
Шунингдек, 9,5 километр пиёда ва велойўлаклар, 8 та жамоат транспорти бекати, 240 та ташқи ёритиш чироғи ҳамда 6 километр йўл тўсиқлари барпо этилган.
Янги йўл ўтказгич транспорт оқимини самарали ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва тирбандликларни камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, Тошкент шаҳри билан Нурафшон ўртасидаги қатнов вақтини 10–15 дақиқага қисқартириш имконини беради.
Объект ишга туширилиши натижасида йўналишнинг кунлик ўтказувчанлик қуввати бир неча бараварга ошиб, 130 мингта автотранспорт воситасига етади.
Шунингдек, келгусида Тошкент–Нурафшон йўналишида тезюрар автобуслар тизими — BRTни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.






