АсосийЖАМИЯТ

Президент Келажак технологиялари маркази қурилишига старт берди

Олийгоҳда 1 минг 585 ўринли ўқув биноси, 805 ўринли талабалар турар жойи, спорт мажмуалари, ошхона ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилган.

'Президент Келажак технологиялари маркази қурилишига старт берди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида Нурафшон шаҳридаги "Cyber University" давлат университети фаолияти билан танишди ва университет ҳудудига туташ жойда барпо этиладиган Келажак технологиялари маркази қурилишига старт берди.

"Ўзбекистон – 2030" стратегиясида мамлакатни минтақавий IT-хабга айлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда инновацион экотизимни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2025 йил 20 январдаги Президент қарори асосида ташкил этилган "Cyber University" ахборот ва киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ҳамда кибериқтисодиёт йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди.

Айни пайтда университетда 2 та факультет ва 4 та кафедра фаолият юритиб, 8 та бакалавриат ҳамда 2 та магистратура йўналишида қарийб 1 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.

Олийгоҳда 1 минг 585 ўринли ўқув биноси, 805 ўринли талабалар турар жойи, спорт мажмуалари, ошхона ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилган.

Президент университетда таҳсил олаётган ёшлар билан мулоқот қилди.

"Келажакда сиздек мутахассисларга эҳтиёж янада ошади. Ҳар бир соҳа ва ҳар бир ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат тараққий этмайди. Шунинг учун сизлар ўз устингизда тинимсиз ишлаб, энг замонавий билимларни эгаллашингиз керак", деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг давлат раҳбари университетга туташ ҳудудда барпо этиладиган Келажак технологиялари маркази қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

Умумий майдони 36 гектар бўлган марказ қурилишига қарийб 500 миллион доллар инвестиция жалб қилинади. Мажмуа таълим, илмий-тадқиқот, технологик синов ва ишлаб чиқариш жараёнларини бирлаштирган ягона инновацион экотизимга айланиши кутилмоқда.

Марказда киберхавфсизлик, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва криптография йўналишларида 6 та замонавий лаборатория ташкил этилади. Шунингдек, сунъий интеллект дата-маркази, муҳандислик кластери, ҳимояланган компьютер ва маълумот узатиш қурилмалари, юқори технологик токенлар ишлаб чиқариш маркази барпо этилади.

Учувчисиз дронлар ва робототехника воситаларини синовдан ўтказиш учун махсус полигон ташкил этилади. Осиё тараққиёт банки кўмагида маҳаллий технологияларни тижоратлаштириш ва миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш платформаси ҳам яратилади.

Келажак технологиялари марказида 5 мингдан зиёд юқори малакали иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.

Маросимда Хитой, Россия ва Германия компаниялари иштирокида умумий қиймати 465 миллион доллар бўлган 9 та янги лойиҳани амалга ошириш ишларига ҳам старт берилди. Ушбу лойиҳалар натижасида яна 5 мингта иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Нурафшон ва Чирчиқ шаҳарларида замонавий IT-парк бинолари қурилиши бошланади.

Қайд этилишича, 2026 йилда Тошкент вилоятининг рақамли хизматлар экспорти илк бор 50 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Келажак технологиялари марказини Тошкент вилоятининг сунъий интеллект ва рақамлаштириш марказига, ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқарадиган замонавий мажмуага айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Президент Келажак технологиялари маркази қурилишига старт берди - Darakchi.uz