АсосийСИËСАТ

Нурафшон “Янги Ўзбекистон”нинг янги тимсолига айланмоқда — Президент

Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида Тошкент вилояти жамоатчилиги билан тантанали учрашувда иштирок этди.

'Нурафшон “Янги Ўзбекистон”нинг янги тимсолига айланмоқда — Президент'ning rasmi

Унда нуронийлар, ёшлар ва фаоллар қатнашди. Давлат раҳбари йиғилганларни самимий қутлаб, вилоят аҳли билан яна бир бор дийдор кўришиб турганидан мамнунлигини билдирди.

Қайд этилишича, яқин йилларгача катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга Тошкент вилоятининг ўз маъмурий маркази мавжуд бўлмаган. Қисқа вақт ичида Нурафшон шаҳри янгидан барпо этилиб, бу ерда замонавий маъмурий, ижтимоий ва маданий инфратузилма шакллантирилган.

Шаҳарда “Янги Ўзбекистон” ва “Ватанпарвар” боғлари, матонатли ўзбек аёли Зулфия Зокировага бағишланган ёдгорлик мажмуаси, хиёбонлар, сунъий кўл, амфитеатр ва фавворалар, кенг яшил ҳудудлар, велосипед ҳамда пиёдалар йўлаклари барпо этилган.

“Бу ердаги ҳар бир корхона, ҳар бир кўча ва бино, майдон ва хиёбон серғайрат, меҳнаткаш ва фидойи вилоят аҳли билан биргаликдаги ишларимизнинг натижасидир”, деди Президент.

Таъкидланганидек, бугун Нурафшон шаҳри Янги Ўзбекистон тимсоли сифатида намоён бўлмоқда. Шаҳар номи “нур сочувчи”, “зиё тарқатувчи” деган маъноларни англатади. Шу боис Нурафшон ўзининг замонавий қиёфаси, тараққиёти, маданияти, бошқаруви ва инсон қадрига бўлган муносабати билан ҳам бошқаларга намуна бўлиши керак.

Нурафшон мамлакатда “ақлли шаҳар” модели асосида барпо этилаётган биринчи шаҳар сифатида ҳам тарихга кирмоқда. Бу ерда рақамли бошқарув, интеллектуал транспорт, энергия тежамкор технологиялар, маданий масканлар ва экологик инфратузилма ягона тизимга бирлаштирилмоқда.

Давлат раҳбари Нурафшонни илм-фан, юксак технологиялар ва ёшлар шаҳрига айлантириш асосий мақсад эканини таъкидлади. Шаҳарда минг ўринли маданият саройи, Бадиий академиянинг вилоят бўлими, Сунъий интеллект маркази, Ахборот-ресурс кутубхонаси ва Касблар марказини ўз ичига олган замонавий “Ёшлар шаҳарчаси” бунёд этилмоқда.

Шу куни 35 гектар майдонда барпо этиладиган Келажак технологиялари маркази қурилишига тамал тоши қўйилди. Мазкур мажмуа сунъий интеллект ва рақамлаштириш марказига айланиб, унда илмий-тадқиқот марказлари ҳамда юқори технологик лабораториялар ташкил этилади.

“Нурафшон бизнес сити” лойиҳаси доирасида маъмурий, бизнес, таълим, тиббиёт, маданият ва турар жой ҳудудлари ўзаро уйғун ҳолда ривожлантирилмоқда. Жумладан, 700 ўринли кўп тармоқли тиббиёт марказида телемедицина ва робототехника ёрдамида 60 дан зиёд юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилиши режалаштирилган.

Шарқ бозори, ҳунармандчилик кўчалари, миллий павильонлар, амфитеатр ва замонавий дам олиш масканларини қамраб олган туристик-маданий мажмуа ҳам Нурафшоннинг ташриф қоғозига айланади.

Тадбирда Тошкент вилояти мамлакат иқтисодиётининг йирик таянч ҳудудларидан бири экани қайд этилди. Республика ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги беш йилда ҳудудга 16 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 3 мингтага, экспорт ҳажми эса 3 миллиард долларга яқинлашган.

Президент вилоятни Тошкент шаҳри билан ягона иқтисодий ва транспорт макони сифатида ривожлантиришга доир янги лойиҳалар ҳақида ҳам сўз юритди. Пойтахт билан боғловчи жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилиб, Тошкент – Нурафшон йўналишида замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилиши белгиланди.

“Сиз, азиз Тошкент вилояти фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, зиёлилар, нуронийлар ва серғайрат ёшлар билан биргаликда бу заминни янада яшнатамиз, мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам ва қудратли таянчига айлантирамиз.

Мен бунга қатъий ишонаман ва Президент, давлат раҳбари сифатида бутун халқимиз қатори Тошкент вилояти аҳолисининг тинч, фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман”, деди давлат раҳбари.

Тадбир маданий дастур билан давом этди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нурафшонга сафари якунланиб, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

    Бошқа янгиликлар