Мажбурий ижро бюроси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Олмазор туман бўлими иш юритувида тугатилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан 126 та ижро ҳужжати бўйича жами 13,6 миллиард сўмлик қарздорликни ундириш ҳамда 28 нафар собиқ ходимни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарорлари мавжуд.
Президентнинг PF-162-сонли фармонига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, унинг ҳуқуқий вориси сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилган. Шу муносабат билан давлат ижрочиси қарздорликни ундириш ва ходимларни ишга тиклаш мажбуриятини янги Агентлик зиммасига юклаш ҳақида қарор қабул қилган.
Бироқ Миграция агентлиги мазкур қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилган. Натижада Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2025 йил 9 сентябрдаги ажрими билан Мажбурий ижро бюросининг қарздорликни янги Агентликка ўтказиш ҳақидаги қарорлари бекор қилинган. Шаҳар прокуратураси томонидан киритилган протест ҳам суднинг тафтиш инстанцияси томонидан рад этилган.
Шу тариқа, амалдаги суд қарорлари Мажбурий ижро бюросининг янги Миграция агентлигидан пул ундириши ва собиқ ходимларни ишга тиклашига ҳуқуқий тўсиқ бўлиб турибди.
Юзага келган ҳуқуқий мавҳумликни бартараф этиш ва суд қарорларини ижро этиш механизмини аниқлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси 2026 йил 4 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилган. Бюро суддан қарорларни ижро этиш тартибини тушунтириб беришни сўраган.
Мажбурий ижро бюроси маълум қилишича, кейинги ижро ҳаракатлари суднинг тегишли кўрсатмаси ва аниқ тушунтириши олинганидан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда давом эттирилади.






