АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган уч нафар Украина фуқароси ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

'Тошкентда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган уч нафар Украина фуқароси ушланди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган Украина фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, "Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида 2026 йил 12 июнь куни Ўзбекистонга келган, 1994, 1997 ва 2001 йилларда туғилган уч нафар Украина фуқаросининг Яшнобод туманида вақтинча истиқомат қилаётган икки хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Текширувлар давомида пойтахтнинг турли манзилларида "закладка" усулида тарқатиш учун кичик бўлакларга ажратиб, тайёрлаб қўйилган наркотик моддалар аниқланган.

Экспертиза натижасига кўра, мусодара қилинган моддалар гашиш, мефедрон ва альфа-PVP экани аниқланган. Уларнинг умумий оғирлиги 1 килограмм 945 граммни ташкил этган.

Шунингдек, интернет-наркодўкон ташкилотчилари томонидан мазкур хориж фуқароларига кейинчалик қайта қадоқлаб, пойтахт ҳудудида тарқатиш учун яширин жойда қолдирилган 460 грамм мефедрон ва альфа-PVP ҳам ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар