Товламачилик ва бошқа оғир жиноятларда гумонланаётган, халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Миср Араб Республикасидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, қидирувдаги шахс Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташаббуси билан халқаро қидирувга берилган. Интерпол доирасида ўтказилган тадбирлар давомида унинг Миср ҳудудида экани аниқланган. Шундан сўнг Мисрнинг ваколатли органлари мазкур шахсни қўлга олган.
Кейинчалик Ўзбекистон томони Мисрга экстрадиция сўровини юборган. Мазкур сўров кўриб чиқилгач, Миср ҳукумати қидирувдаги шахсни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор қабул қилган.
Барча халқаро-ҳуқуқий тартиб-таомиллар якунланганидан сўнг у Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилиб, жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистонга олиб келинган.
"Ўзбекистон Республикасидаги Интерпол Миллий марказий бюроси яшириниб юрган жиноятчиларнинг турган жойини аниқлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қидирувдаги шахслар қайси мамлакатда эканидан қатъи назар, жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш борасидаги тизимли ишларни давом эттиради", дейилади хабарда.






