АсосийЖАМИЯТ

Миграция агентлигидан 13,6 млрд сўмлик иш ҳақи, қарздорлик ва давлат божи ундирилади

Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, айни пайтда қарздор томонидан жами 126 та ижро ҳужжати бўйича 13,6 миллиард сўмлик мажбуриятлар бажарилмаган.

'Миграция агентлигидан 13,6 млрд сўмлик иш ҳақи, қарздорлик ва давлат божи ундирилади'ning rasmi

Миграция агентлигидан собиқ ходимларга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи, қарздорлик ҳамда давлат божи сифатида жами 13,6 миллиард сўм ундирилиши керак. Шунингдек, 28 нафар фуқарони ишга тиклаш бўйича суд қарорлари ҳам мавжуд. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси хабар берди.

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюросининг Олмазор туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатлари асосида қарздор Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига нисбатан 126 та ижро ҳужжати мавжуд.

Уларнинг:

– 39 таси 294 миллион сўмлик давлат божини ундириш;

– 59 таси 13,3 миллиард сўмлик иш ҳақи, маънавий зарар, мажбурий прогул ва компенсация тўловларини ундириш;

– 28 таси фуқароларни ишга тиклаш билан боғлиқ ижро ҳужжатларидан иборат.

Камбаг‘алликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2024 йил октябрь ойида тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилган. Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, янги Миграция агентлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

Бироқ Миграция агентлиги суд қарорларини узоқ вақт давомида ижро этмаган. Хусусан, ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари талаблари қонунчиликда белгиланган муддатларда бажарилмаган.

Миграция агентлиги 14 та ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг ҳаракатларидан норози бўлиб, Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Суд давлат ижрочиси қарорларини ўз кучида қолдирган.

Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, айни пайтда қарздор томонидан жами 126 та ижро ҳужжати бўйича 13,6 миллиард сўмлик мажбуриятлар бажарилмаган.

Шу муносабат билан 2026 йил 4 июль куни Мажбурий ижро бюроси Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилган. Мурожаатда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб амалга ошириш, шунингдек, уларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масалалари юзасидан тушунтириш сўралган.

Кейинги ижро ҳаракатлари суднинг тегишли кўрсатмаси асосида амалга оширилади.

    Бошқа янгиликлар

    Миграция агентлигидан 13,6 млрд сўмлик иш ҳақи, қарздорлик ва давлат божи ундирилади - Darakchi.uz