Эрон июль ойида Яманга Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлари, ҳарбий маслаҳатчилар, ракета ва дрон воситаларини юборган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълумотларга кўра, Эроннинг мазкур ҳаракати Ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга таҳдид солиш имкониятини оширишга қаратилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда воқеадан хабардор тўрт манба, жумладан, Эроннинг икки фуқароси, Яман ахборот вазири ҳамда минтақавий хавфсизлик таҳлилчиси маълумот берган.
Манбаларга кўра, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ходимлари ва ҳарбий техника 13 июль куни Теҳрон—Яман йўналишидаги авиарейс орқали етказилган. Эронлик икки манба Reuters’га маълум қилишича, "Маҳан Эйр" авиакомпанияси самолётида корпуснинг 10 нафардан 21 нафаргача ходими, жумладан, юқори лавозимдаги қўмондонлар бўлган.
Самолёт дастлаб Ҳусийлар назоратидаги Яман пойтахти Сана шаҳрига қўниши керак бўлган. Бироқ Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумати аэропортга зарба берганидан сўнг самолёт йўналишини Қизил денгиз соҳилидаги Ҳудайда шаҳрига ўзгартирган.
"Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонлари Ҳусийлар операцияларини қўллаб-қувватлаш ва уларга янги ракета тизимларидан фойдаланишни ўргатиш учун борган", деди манбалардан бири.
Шунингдек, Эрон Ҳусийлар фаолиятини молиялаштириш учун самолётда олтин ҳам юборгани айтилмоқда.
Ушбу маълумотлар Эроннинг Ҳусийларни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги янги далил сифатида баҳоланмоқда. Ҳусийлар ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бормоқда. Гуруҳ аввалроқ Саудия Арабистони ва бошқа қўшни давлатларга ракета ва дронлар орқали ҳужумлар уюштирган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур маълумотларга муносабат билдирмаган. Расмий Теҳрон Ҳусийларга ракета технологиялари етказиб бераётганини бир неча бор рад этган. Ҳусийлар ҳам Эроннинг вакил кучлари эканини инкор қилиб, қуролларни ўзлари ишлаб чиқаришини билдирган.
Ёрдам етказилганидан уч кун ўтиб, Теҳрон Ҳусийлардан Қизил денгиздаги нефть ташиш йўлини ёпишга тайёр туришни сўрагани айтилмоқда. Бу АҚШ Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарба берган тақдирда амалга оширилиши керак бўлган.
20 июль куни Ҳусийлар Саудия Арабистонига нисбатан денгиз блокадаси эълон қилди. Гуруҳ бу қарорни 13 июль куни Сана аэропортига берилган зарбага жавоб сифатида изоҳлаган. Ҳусийлар ушбу ҳужумни Саудия Арабистони амалга оширган, деб ҳисобламоқда.
23 июль куни Ҳусийлар Саудия Арабистонига тегишли икки нефть танкерига ҳужум қилганини маълум қилди. Бу эса минтақадаги денгиз савдоси хавфсизлиги билан боғлиқ хатарларни янада оширган.
Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумати ахборот вазири Муаммар ал-Ирьёний 22 июль куни разведка маълумотларига таяниб, Эрон ҳарбийлари ва ҳарбий техникаси Яманга етказилганини тасдиқлаган.
"Уларнинг вазифаси гуруҳнинг ҳарбий имкониятларини ошириш ҳамда Қизил денгиз ва Боб ал-Мандаб бўғозида халқаро денгиз хавфсизлигига таҳдид солишга тайёрлашдан иборат", деди у.
Маълум қилинишича, етказилган юклар орасида қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталар ҳамда дронлар учун эҳтиёт қисмлар бўлган. Ушбу қуроллар аввал Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига қилинган ҳужумларда қўлланган тизимларга ўхшаши айтилмоқда.






