"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Хоразм ва Наманган вилоятларида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
ДХХ, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Хоразм вилоятининг Урганч туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида муқаддам судланган шахс Россия Федерациясидан такси орқали юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида тўхтатилган.
Текширув давомида жўнатма ичида 10 та шоколад қадоқларига яширилган, умумий оғирлиги 967 грамм бўлган "гашиш" гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Ашёвий далиллар белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
Шунингдек, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон туманида яшовчи шахс ўзининг ер майдонида 423 туп каннабис ўсимлигини келгусида сотиш мақсадида етиштириб келаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






