АсосийЖАМИЯТ

Туркман халқининг миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади

Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

'Туркман халқининг миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мулоқот давомида Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентини туғилган куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар тилади. Шунингдек, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Туркманистон миллий етакчиси мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини ҳам етказди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевнинг тинимсиз меҳнати ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли Ўзбекистон янги марраларни забт этаётгани, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда салмоқли тараққиётга эришаётганини таъкидлади.

Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро ишонч ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган кўп қиррали ҳамкорлик суръати ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом эттирилаётгани, яқинда Ашхободда ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг самарали якунлари юксак баҳоланди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда. "Шовот—Тошовуз" савдо зонасининг самарали фаолияти ҳам ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда транспорт соҳаларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Парламентлараро, ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, минтақавий кун тартибини, жумладан, жорий йил кузида Аваза шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш доирасида мувофиқлаштириш ва илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Бошқа янгиликлар

    Туркман халқининг миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади - Darakchi.uz