АсосийСИËСАТ

Президент Танзила Норбоевани "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлади

У бунга қадар "Меҳнат шуҳрати" ордени ва "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

'Президент Танзила Норбоевани  "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Президентнинг тегишли фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ, Танзила Норбоева давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Янги Ўзбекистонда парламент фаолиятини ривожлантириш ва демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишдаги алоҳида хизматлари учун юксак давлат мукофотига муносиб кўрилди.

Шунингдек, унинг миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки эътироф этилди.

Танзила Норбоева 1956 йил 24 июль куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида таваллуд топган. У 1981 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган бўлиб, педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга.

Меҳнат фаолиятини 1974 йилда Шаҳрихондаги 1-мактабда ёшлар етакчиси сифатида бошлаган. Кейинчалик таълим тизими ва давлат бошқарувининг турли бўғинларида масъул лавозимларда ишлаган. 2010–2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига раҳбарлик қилган, 2016–2019 йилларда Бош вазир ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида фаолият юритган.

2019 йил июнь ойида Президент томонидан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланган Танзила Норбоева орадан бир кун ўтиб Сенат раиси этиб сайланган эди.

У бунга қадар ҳам "Меҳнат шуҳрати" ордени ва "Шуҳрат" медали билан тақдирланган. Энди эса таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби бўлди.

    Бошқа янгиликлар

    Президент Танзила Норбоевани "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлади - Darakchi.uz