АсосийЖИНОЯТ

Чемодан ичидаги шампун идишларидан 11,8 кг гашиш мойи топилди

Тошкент аэропортида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасини мамлакат ҳудудига олиб киришга уринган шахслар қўлга олинди.

'Чемодан ичидаги шампун идишларидан 11,8 кг гашиш мойи топилди'ning rasmi

"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари "Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда тезкор қидирув тадбирларини ўтказган.

Тадбир давомида "Бангкок – Деҳли – Тошкент" авиарейси орқали Тошкент халқаро аэропортига етиб келган ва "яшил" йўлак орқали ҳаракатланган Қирғизистон фуқаросининг юклари белгиланган тартибда текширилган.

Текширув жараёнида унинг чемоданларидаги шампун идишлари ичига яширилган умумий оғирлиги 11,8 килограмм бўлган "гашиш мойи" борлиги аниқланган.

Шундан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилиб, мазкур гиёҳвандлик воситаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонга қолдирилгани маълум бўлган. Уни олиб кетиш учун келган вақтда эса Чирчиқ шаҳрида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро ушланган.

Терговга қадар текширув ишлари давомида аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситалари Таиланддан олиб келиниб, Ўзбекистон ҳудуди орқали қўшни республикага етказилиши режалаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда гумонланувчиларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Чемодан ичидаги шампун идишларидан 11,8 кг гашиш мойи топилди - Darakchi.uz