Андижон вилояти Асака туманида 11 ёшли ўғлига Spark автомобилини бошқаришга берган ота маъмурий жавобгарликка тортилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, воқеа жорий йилнинг 13 июль куни Янгиқўрғон маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан аниқланган.
Текширув вақтида автомобил рул бошқарувида 11 ёшли бола бўлгани маълум бўлган. Машинада унинг укаси олд йўловчи ўриндиғида, отаси эса орқа ўриндиқда ўтирган.
Ота ўғли Яҳёбек автомобилни бошқариб кетганини тасдиқлаб, бу ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдирган.
Ҳолат юзасидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга машина бошқарувини топширган отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, рейдлар давомида ҳайдовчилик гувоҳномасисиз машина бошқарган ва маст ҳолда рулга ўтирган шахслар ҳам аниқланган. Айрим ҳолатларда транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, рейдлар бошланганидан буён қоидабузарликлар сабаб 4 мингдан ортиқ автомобиль жарима майдонига олиб кирилган. Улар орасида ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг рулга ўтириши, гувоҳномасиз бошқариш, рухсатсиз ойна қорайтириш ва маст ҳолда транспорт бошқариш ҳолатлари ҳам қайд этилган.






