Қашқадарё вилояти Қамаши туманида ўлик итни “Дамас” автомобилига боғлаб судраган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Маълум бўлишича, 24 июль куни соат тахминан 13:18 да Қамаши тумани “Қуйи янги” маҳалласида яшовчи Т.Д. “Қарши–Шаҳрисабз” йўлида йўл четида ётган ўлик итни кўриб қолган.
Фуқаро итни ўзининг “Дамас” русумли автомобили орқа қисмига боғлаб, судраб кетаётган вақтида йўлда ҳаракатланаётган “Нексия-3” ҳайдовчиси ва йўловчилари ҳолатдан норози бўлиб, уни тўхтатган ва воқеага ойдинлик киритган.
ИИБ маълумотига кўра, Т.Д.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун ЖИБ Қамаши туман судига юборилган.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.






