АсосийСПОРТ

Рамазон Темиров UFC’да собиқ чемпионлик даъвогарини 1-раундда нокаут қилди

Ҳакам 4:20 дақиқада жангни тўхтатиб, ўзбекистонлик жангчининг муддатидан олдинги ғалабасини қайд этди.

'Рамазон Темиров UFC’да собиқ чемпионлик даъвогарини 1-раундда нокаут қилди'ning rasmi

Ўзбекистонлик аралаш яккакураш (MMA) жангчиси Рамазон Темиров Абу-Дабида (БАА) бўлиб ўтган UFC Fight Night 282 турнирида яна бир ёрқин ғалабага эришди.

Энг енгил вазн тоифасида ҳаракат қилаётган ўзбекистонлик спортчи турнирнинг асосий кардидан олдинги жангда UFC чемпионлик камари учун собиқ даъвогар, австралиялик Стив Эрсегга қарши октагонга кўтарилди.

Жангнинг дастлабки дақиқалариданоқ фаол ҳаракат қилган Темиров биринчи раунд тугашига 40 сония қолганда рақибини кучли зарба билан нокаутга учратди. Ҳакам 4:20 дақиқада жангни тўхтатиб, ўзбекистонлик жангчининг муддатидан олдинги ғалабасини қайд этди.

Ушбу натижадан сўнг Рамазон Темиров профессионал фаолиятидаги 20-ғалабасини қўлга киритди. Унинг ҳисобида, шунингдек, 3 та мағлубият мавжуд. Бу Темиров учун фаолиятидаги 11-нокаут ва биринчи раундда қайд этилган навбатдаги муддатидан олдинги ғалаба бўлди.

29 ёшли жангчи учун бу UFC'даги кетма-кет учинчи ғалаба ҳисобланади. Бунга қадар у Си Жей Вергарани муддатидан олдин мағлуб этган, шунингдек, ҳакамларнинг якдил қарори билан Чарлз Жонсондан устун келган эди.

Стив Эрсег эса профессионал фаолиятидаги бешинчи мағлубиятини қабул қилди. Унинг рекорди ҳозирда 14 ғалаба ва 5 мағлубиятни ташкил этмоқда. Австралиялик жангчи 2024 йил май ойида Алешандре Пантожага қарши UFC чемпионлик камари учун жанг ўтказган эди.

    Бошқа янгиликлар