Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган дала майдонида номаълум шахслар томонидан ташлаб кетилган 4 килограмм гашиш моддаси аниқланган.
Шунингдек, ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1981 йилда туғилган, Зарбдор туманида яшовчи шахс Жиззах шаҳрида тўхтатилиб, текширилган.
Унинг ёнидаги хўжалик қопи ичида 4 килограмм 840 грамм каннабис ўсимлиги борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов доирасида мазкур қонунбузарликларга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда.






