АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда энг кўп пенсионер қайси ҳудудда яшаши маълум қилинди

Энг кам пенсионер Сирдарё вилоятида яшайди — 111 минг 319 нафар. Бу Фарғона вилоятидаги кўрсаткичдан қарийб 4,6 баробар кам.

'Ўзбекистонда энг кўп пенсионер қайси ҳудудда яшаши маълум қилинди'ning rasmi

Ўзбекистонда энг кўп пенсионер қайси ҳудудда яшаши маълум қилинди

Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 4,36 миллион нафардан ошди. Мамлакатда энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида истиқомат қилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ҳисоботида қайд этилишича, 1 июль ҳолатига кўра, Пенсия жамғармаси тизимида пенсия олувчилар сони 4 миллион 361 минг 432 нафарни ташкил қилган. Ўртача ойлик пенсия миқдори эса 1 миллион 688 минг 61 сўмга етган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида қайд этилган — 515 минг 377 нафар. Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятлари билан бирга ушбу тўрт ҳудуд республикадаги барча пенсионерларнинг 41 фоизини қамраб олган.

Энг кам пенсионер Сирдарё вилоятида яшайди — 111 минг 319 нафар. Бу Фарғона вилоятидаги кўрсаткичдан қарийб 4,6 баробар кам.

Аҳоли сонига нисбатан пенсионерлар улуши энг юқори ҳудудлар қуйидагилар:

Бухоро вилояти — 12,9 фоиз;
Навоий вилояти — 12,1 фоиз;
Фарғона вилояти — 11,9 фоиз;
Тошкент шаҳри — 11,9 фоиз.

Энг паст кўрсаткич Жиззах (9,6 фоиз) ва Сурхондарё (9,7 фоиз) вилоятларида қайд этилган.

Шунингдек, 1 июль ҳолатига кўра, ногиронлик пенсияси олувчилар улуши Навоий вилоятида 18,2 фоиз, Сирдарё вилоятида 17,7 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида 15,3 фоизни ташкил қилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Пенсия жамғармасида хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланган. Мурожаатлар сони 39,2 фоизга камайган, пенсияларни проактив тарзда тайинлаш улуши эса 54–87 фоизга етган.

Бироқ суғурта маблағлари тақчиллиги кенгайиб, тизимнинг давлат бюджети трансфертларига қарамлиги сақланиб қолмоқда.

    Бошқа янгиликлар